ТОШКЕНТ, 4 июл - Sputnik. "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" янги таҳрирда чоп этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси матбуот-хизмати.
Хабарда айтилишича, "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"нинг янги таҳрири 3 минг нусхада қайта нашр этилди.
Қайд этиш жоиз, ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг бир гуруҳ луғатшунослари томонидан 2006 – 2008 йилларда 5 жилдли "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" яратилган ва нашр этилган эди.
Ушбу луғатга 80 мингга яқин ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ва сўз бирикмалари, фан, санъат, маданият ва техника соҳаларига оид терминлар, шеваларда қўлланадиган сўзлар, тарихий атамалар жамланган.
Луғатнинг янги таҳририда эса жамиятда юз берган ўзгаришлар натижасида истеъмолга кириб келган юзлаб янги сўз ва атамалар киритилган.
Масалан, брокер, депозит, дилер, консалтинг, лизинг, менежер, менежмент, мониторинг, ноу-хау, санатсия, холдинг, дисплей, интернет, монитор, принтер, сайт, сканер, файл сингари бир қанча янги сўзлар шулар жумласига киради.