Фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгарди

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланиши белгиланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 июл - Sputnik. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланиши, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилиши белгиланди.

"Прописка" тўғрисидаги қонунга муҳим ўзгартишлар киритилди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб, - Ўзбекистонфуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали "ягона дарча" тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг "Манзил" автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилиши белгиланди.

Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмаслиги қайд этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилиниши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётини бекор қилиш механизми ишлаб чиқилмоқда.

Ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан олинишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилиниши босқичма-босқич амалга оширилади.

Тошкент ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилишга доир ҳукумат қарори тайёрланди

Кўчмас мулк эгаси бўлган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд бўлмаганда, “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланиб ва ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, уни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасидан олишни йўлга қўйилмоқда.

Аҳолига тақдим этилаётган электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида электрон рақамли имзо ўрнига шахсни тасдиқлашнинг муқобил шаклларини, шу жумладан мобил алоқа телефон рақамлари орқали шахсни тасдиқлашнинг қўшимча имкониятларини яратишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ишларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш имкониятини яратилади.

Икромов: прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” бирикмаси ишлатилади

Бунда Ички ишлар, Адлия, Мудофаа, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК билан биргаликда 2020 йил 1 августгача Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш мақсадида тегишли ахборот тизимларини Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинади.

Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганда тегишли идораларга давлат хизматларининг автоматик тарзда кўрсатилиши учун хабарнома юборилишини ташкиллаштирш, барча доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни талаб этадиган давлат хизматлари ҳамда бошқа маъмурий тартиб-таомилларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниш орқали амалга ошириш имкониятини яратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилмоқда.