Қозоғистон коронавирус туфайли яна қатъий чекловлар жорий этади

Эпидемиологик вазият ёмонлашгани туфайли Қозоғистон ҳукумати 5 июлдан қўшимча карантин чеклов чораларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Қозоғистон ҳукумати республикада эпидемиологик вазият ёмонлашгани туфайли 5 июлдан 14 кунлик қўшимча карантин чеклов чораларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Карантин жорий этиш тўғрисида қарор президент Қосим-Жомарт Тоқаев топшириғига мувофиқ бош вазир Асқар Мамин раислигидаги давлат комиссияси йиғилишида қабул қилинди.

Қозоғистонда COVID-19ни юқтириш ҳолати 40 мингдан ошди

Унга кўра Қозоғистонда икки ҳафта давомида оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Гўзаллик салонлари, ёпиқ бозорлар, диний муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, савдо марказлари ва бошқа қатор объектлар фаолияти тўхтатилади. Шунингдек, одамларнинг ҳаракатланиши чекланади. Хусусан, уч нафардан ортиқ одам биргаликда кўча ва хиёбонларда юриши, ёши 65 дан ошганларнинг кўчага чиқиши чекланади. Вилоятлараро йўловчи транспорт ҳаракати тўхтатилади. Жамоат транспорти фаолияти вақт билан чегараланади.

Таъкидланишича, карантин чекловлари зарурият пайдо бўлса, узайтирилиши ёки янада қатъийлаштирилиши мумкин.

Қозоғистон коронавирус сабаб жорий этилган чекловларни 11 май куни бекор қилган эди. Ўшандан буён коронавирус билан касалланиш 7 бараварга кўпайди.

Сўнги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирус билан  боғлиқ 42,5 мингдан (жумладан, расмий статистикага киритилмайдиган касаллик аломатсиз кечаётган беморлар) зиёд ҳолат қайд этилган. 14 мингдан зиёд киши касалликни енгган. 188 киши эса вирус қурбонига айланган. Бу минтақадаги энг юқори кўрсатгич.