Қашқадарёда эр 18 ёшли хотинининг ўлимида айбланмоқда

Эркак турмуш ўртоғини ҳақорат қилиб уриб тан жароҳати етказган, шаъни ва қадр-қимматини камситиб келган. Бунга чидай олмаган жувон ўз жонига қасд қилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Бош прокуратура Қашқадарё вилояти Косон туманида содир бўлган аянчли ҳодиса юзасидан баёнот берди.

Аввалроқ “Дарё” нашри Қашқадарёда 18 ёшли М.Жўраева уйидан осилган ҳолда топилгани, марҳуманинг онаси қизининг ўлимида куёвини айблаётгани ҳақида хабар қилган эди.

“Ўртасарой” карантин марказида 42 ёшли фуқаро ўз жонига қасд қилди

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, 2020 йил 9 май куни Косон тумани, И.Каримов кўчасида жойлашган уйда ижарада яшаб келган М.Жўраева (2002 й.т.) ўз жонига қасд қилган.

Текшириш давомида марҳума М.Жўраеванинг турмуш ўртоғи билан ўрталарида доимий равишда уриш-жанжал бўлиб келганлиги, турмуш ўртоғи уни ҳақорат қилиб уриб тан жароҳати етказиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.