Коронавируснинг енгил шаклини уйда даволаш учун тавсиянома ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда коронавируснинг енгил шаклини уйда даволаш учун БССТ тавсияномаларига асосланган йўриқнома ишлаб чиқилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 июл - Sputnik. COVID-19нинг енгил шаклини уй шароитида даволаш учун Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан Вақтинчалик қўлланма ишлаб чиқилди, деб хабар қилди муассаса матбуот хизмати.

Москвада коронавирусдан уйда даволаниш тартиби қандай?

Қўлланма БССТ тавсияномаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда уй шароитида даволанаётган беморлар, уларнинг оила аъзолари ва уларни назорат қилиб турган тиббиёт ходимлари учун йўриқномалар, шунингдек ўз-ўзини кузатув варақасини тўлдириб бориш ҳақида кўрсатмалар берилган.

Тиббиёт ходимлари учун тайёрланган тавсиномалар, COVID-19нинг бугунги кунда маълум бўлган барча клиник белгилари, ижобий натижага олиб келган самарали даволаш услублари ҳамда мутахассислар хулосалари келтириб ўтилган.

Ушбу протокол биринчи навбатда тез ёрдам шифокорлари, умумуий профилли шифокорлар, инфекционистлар, терапевтлар, педиатрлар, пульмонологлар, отоларингологлар, кардиологлар, невропатолог ва ҳамширалар учун мўлжалланган.

Беморни уйида даволаш ҳақидаги қарор – касалликнинг клиник ҳолати, давлаш учун керак бўладиган мулажалар сони, касаллик оғир шаклга ўтиш хавфи ҳамда беморнинг уйида касалликка чалиниш хавфли бўлган оила аъзолари борлигига қараб, ҳар бир ҳолатда алоҳида белгиланади. Касаллик кескин оғирлашиши хавфи бўлмаган ҳолларда беморга уйида даволанишга рухсат берилади.

Қўлланмада шунингдек бемор ва унинг оила аъзолари билан ҳам доимий равишда санитар-таълимий иш олиб бориш ва беморнинг ҳолини доимий кузатиб бориш кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 июлга қадар COVID-19га чалинган беморлар фақат шифохона шароитида даволанар эди. Июн ойининг охирида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси халқаро тажрибага асосланган ҳолда, коронавирус енгил кечаётган беморларни уй шароитида даволаш ҳақида йўриқнома ишлаб чиқди. Айни дамда ушбу йўриқнома Соғлиқни сақлаш вазирлигига тасдиқлаш учун йўналтирилган.