Биринчи синфга қабул жараёни қачондан бошланади - ХТВ жавоби

Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали онлайн навбат асосида амалга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 июл - Sputnik. Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда 1-синфга қабул жараёни 6 июлдан бошланишини маълум қилди. Ота-оналардан карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари сўралмоқда. 

Ўзбекистонда ўқув йили онлайн тарзда якунланади

"Жорий йилнинг 6 июлидан 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчиларининг қабул жараёни бошланмоқда", - дейилади хабарда.

Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, 1-синфга ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:

6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида;

1-25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқари.

Шунингдек пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали (5 июлдан) онлайн навбат асосида амалга оширилади.

Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.

Янги ўқув йилидан мактаблар қоғоз кундаликдан воз кечади

1-синфга қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: директор номига ариза; боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси; ота-онанинг паспорт нусхалари; боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома; боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.

Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади. Мактаб ёшига тўлмаган болани мактабга бериб қийнагандан кўра, мактабгача тайёрлов ташкилотларига юборган маъқул эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Ота-оналардан мактабларга ташриф давомида карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда ижтимоий масофа сақлаш сўралади!

2020-2021 ўқув йилида Республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.