Ўзбекистон ва Украина ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини кўриб чиқди

Музокаралар давомида қўшма тадбирларни, жумладан ҳар томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Украина Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. 1-июл куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Украинанинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Николай Дорошенкони қабул қилди.

Украина авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни амалга оширишга ариза берди

"Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, Элчини ушбу лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги фаолиятига муваффақият тилади", - дейилади ТИВ матбуот-хизмати хабарида.

Таъкидланишича, учрашувда турли соҳалардаги Ўзбекистон-Украина ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги муносабатларни ривожлантиришга алоҳида урғу берилган.

Қўшма тадбирларни, жумладан ҳар томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Украина Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Ўзбекистон ва Украина авиа ҳамда темир йўл қатновини тиклайди

Суҳбат чоғида коронавирус пандемияси икки томонлама савдо айланмаси кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон ва Украина ишбилармон доиралари, савдо-саноат палаталари ва ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқланган.

Томонлар қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга, фан, техника ва инноватсиялар соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканликларини маълум қилганлар.

Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.