Наманганда қуйма олтин бўлакларини пулламоқчи бўлган шахс ушланди

Фуқаро қуйма олтинни 1 граммини 525 минг сўмдан, 297,57 граммни жами 156,3 млн сўмга сотишни режалаштирган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. Наманганда қуйма олтин бўлакларини пулламоқчи бўлган шахс ушланди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот-хизмати.

Қўлбола усулда тайёрланган олтин тангаларни сотмоқчи бўлган фуқаролар ушланди

Хабарда таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, олтинни пулламоқчи бўлган фуқаро ҳодиса жойида қўлга олинган.

Фуқаро Ш.И. ноқонуний даромад орттириш мақсадида харидор Д.га 297,57 грамм қуйма олтинни 1 граммини 525 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 156,3 млн сўмга сотишга келишиб, шундан, 11 300 АҚШ доллари ва 34,7 млн сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.