ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, томонлар яқин сиёсий муносабатлар ўрнатилганини, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техникавий алоқалар мустаҳкамланганини мамнуният билан қайд этди.
“АҚШ томони Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишда минтақавий ёндашувни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва ушбу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади”, - дейилган хабарда.
Музокаралар чоғида Афғонистон ва минтақа ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга кўмак берадиган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун DFC маблағларини жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.