"Яшил" ҳудудларда футбол мусобақалари бўлиб ўтади

Ҳудудларда ёш болалардан катталаргача барчани қамраб олган "Маҳаллада футбол", "Футболимиз келажаги", "Раҳбар кубоги" ҳамда "Ҳоким кубоги" футбол мусобақалари ташкил этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғига мувофиқ шу йил 20-июлдан бошлаб "яшил" ҳудудларда спорт мусобақалари бошланади, деб хабар қилмоқда вазирлик матбуот хизмати.

Барча вилоятларнинг "яшил" ҳудудларида футбол ассоциацияси, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш ва ички ишлар бўлимлари билан келишган ҳолда маҳалла ёшлари ўртасида футбол бўйича "Маҳаллада футбол", "Футболимиз келажаги" спорт мусобақаларини ташкил этишлари мумкин, дейилган хабарда.

Мини-футбол бўйича "Футболимиз келажаги" мусобақасида 9-12 ёшли болалар тўртта ёш тоифасида (9, 10, 11 ва 12) ғолиблик учун баҳс олиб борса, 13-14 ёшли ўсмирлар эса "Маҳаллада футбол" мусобақасида ўз омадларини синаб кўришади. Бунда мусобақалар иккита ёш тоифасида ўтказилади. Ҳар иккала мусобақа уч босқичда ташкил этилади.

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлдиги ташаббуси билан вазирлик, идора ва ташкилотларнинг марказий аппарат, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари ўртасида футбол бўйича "Раҳбар кубоги", ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари ўртасида футбол бўйича "Ҳоким кубоги" спорт мусобақалари ҳам ўтказилади.

Мазкур спорт тадбирлари ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, улар орасидан иқтидорли ёшларни, чекка ҳудудлардаги ёшларга ўз иқтидорини намоён этишларига кўмак бериш мақсадида ташкил этилмоқда.