Суд Атамбаевни 11 йилга озодликдан маҳрум этди

Қирғизистоннинг собиқ президенти эшитувда иштирок этишдан ва сўнгсўз айтишдан бош тортди, судья қарори билан у жараён якунига қадар суд залидан чиқариб юборилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июн - Sputnik. Бишкек Первомай туман суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни криминал авторитет Азиз Батукаевни озод этиш бўйича иш юзасидан 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон шари хабар қилди.

Атамбаев спецназ ходимини ўққа тутганмиди - Қирғизистон бош прокуратураси баёноти

"Суд Атамбаевни айбдор деб топди ва уни давлат мукофотлари ва мулкини мусодара қилиб, 11 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди", - дея ўз қарорини ўқиб эшиттирди судья.

Атамбаев айбланувчилардан бири бўлган - Батукаевни ноқонуний равишда озод қилиш тўғрисидаги жиноий ишни кўриб чиқиш судда 2019 йил ноябр ойининг ўрталарида бошланган. Жараён ёпиқ тарзда ўтказилди.

Собиқ президент суд эшитувида иштирок этишдан ва сўнгсўз айтишдан воз кечди ва судья қарори билан жараён якунига қадар мажлис залидае чиқариб юборилди.

Атамбаев ўз мақсадига эришди – судья қарор қабул қилди

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил август ойи бошларида Қирғизистонда собиқ президент Атамбаевни Кой-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қўлга олиш бўйича операция ўтказилган эди. Собиқ етакчининг тарафдорларига қарши махсус воситалар қўлланилди, бунга жавобан Атамбаев тарафдорлари ҳам ўт очган эди. Собиқ президентнинг ўзи куч тузилмаларига эртаси куни таслим бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, махсус операция оқибатида 136 киши жароҳатланган. Бир нафар спецназ ходими ҳалок бўлган.

2017 йилда ўтказилган президент сайловлари якунига кўра Алмазбек Атамбаев ҳокимиятни ўз вориси ва яқин сафдоши Сооронбай Жээнбековга топширган эди. Аммо шу ишдан кўп ўтмай собиқ президент командаси аъзоларига қарши жиноий ишлар қўзғатилди. Атамбаев собиқ-президент мақомидан маҳрум этилди ва ўта хавфли ва оғир жиноятларни содир этишда айбланди. Собиқ давлат раҳбари ўзининг ва сафдошларининг номига ёғдирилаётган айбловлар сиёсий тусга эгалигини кўп бор такрорлаган.