Uzbekistan is my second home: Ўзбекистон янги имиграцион виза жорий этади

Ўзбекистонда даромадлари юқори ва академик ютуқлари кўп бўлган одамларни жалб қилиш учун икки ой ичида янги — Uzbekistan is my second home (Ўзбекистон — иккинчи уйим) иммиграцион виза тури ишлаб чиқилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистонда даромадлари юқори ва академик ютуқлари кўп бўлган одамларни жалб қилиш учун икки ой ичида янги  — Uzbekistan is my second home (Ўзбекистон — иккинчи уйим) иммиграцион виза тури ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси департамент бошлиғи Шуҳрат Исақулов “Ўзбекистон 24” канали эфирида маълум қилди.

Бу “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланган.

“Бу визанинг янги туридир. Ушбу ҳужжатнинг асосий мантиғи ва мақсади юқори академик билимларга, ҳаётий кўникмаларга эга бўлган юқори даромадли одамларни яшаш учун мамлакатимизга жалб қилишдир. Улар мамлакатимизда мустақил равишда ёки оила аъзолари билан яшаши ва ўз билимлари билан мамлакатимизга ҳисса қўшишлари мумкин. Бу, шунингдек, билим узатишнинг жуда катта манбаидир”, — дейди Шуҳрат Исақулов.

Шунингдек, фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда туристик солиқларни ҳисоблашнинг ягона тизими жорий этилади. Бу тақдим этилаётган хизматларнинг сифати, меҳмонхоналардаги жойлар сони мониторингини юритиш, шунингдек, хорижий фуқароларнинг кириши ва чиқишини назорат қилиш имконини беради.