Коронавирус Марказий Осиёда: Тожикистонда кунлик энг кам ҳолат аниқланмоқда

Қозоғистонда вазият оғирлашмоқда: бир ҳафта ичида 45 киши қурбон бўлди, Ўзбекистонда тўйда келин ва бир неча киши коронавирус юқтириб олди, Тожикистонда минтақада кунлик энг кам ҳолат аниқланмоқда, Қирғизистонда касалланганлар сони 3100 нафардан ошди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Сўнгги тақдим этилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида жами 31 991 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.

Қозоғистонда вазият оғирлашмоқда. Эпидемиологик вазият ва коронавирус билан касалланиш сони кўпайиши сабаб Нур-Султон, Олмаота ва Қозоғистоннинг бир нечта минтақаларида 20-21 июнь кунлари янги чекловлар жорий этилди. Йирик шаҳарларда савдо-кўнгилочар марказлар, жамоат транспорти ва одамлар гувжум бўладиган бошқа жойлар ёпилди.

Мамлакат минтақада ҳолат ва ўлим бўйича етакчилик қилмоқда. Қозоғистонда ўтган кун давомида 446 та янги ҳолат тасдиқланган. Касалланганларнинг умумий сони 17 225 нафарга етган. Шулардан 10 671 нафари тузалиб кетган. Жами 118 та ўлим ҳолати кузатилган. Ҳафта давомида эса 45 киши вирус қурбони бўлган. Бундан ташқари, Қозоғистонда касаллик аломатларисиз ўтаётган беморлар сони 8845 нафарга етган. Улар алоҳида қайд этилади ва асосий статистикага киритилмайди.

Нурсултон Назарбоев коронавирус юқтириб олди

Ўзбекистонда ўтган кун давомида 207 та янги ҳолат аниқланди. Янги касалланганларнинг 179 нафари карантин муассасаларида, 19 нафари аҳоли орасида (шундан 13 нафари Тошкент шаҳрида, 4 нафари Тошкент вилоятида, 1 нафари Сурхондарё ҳамда яна 1 нафари Хоразм вилоятида), қолган 9 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Куни кеча Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи фуқаро тўрт кун ичида кетма-кет иккита никоҳ тўйи ўтказган. Тўйда келин ва 12 нафар маросим иштирокчиси коронавирус юқтириб олган. Юзлаб одамлар вирус юқтириб олганликда гумон қилиниб, таҳлил натижаларини кутмоқда.

2020 йил 21 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6216 (+63) нафарни ташкил этмоқда.

Республика бўйлаб 4290 нафар (69 фоиз) бемор бутунлай даволаниб чиққан. Мамлакатда 19 та ўлим ҳолати кузатилган. Қайд этиш жоизки, ҳафта давомида ўлим ҳолати кузатилмади.

Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланиш сони кўпайиши сабаби нимада – вирусолог

Тожикистонда минтақада энг охирида (30 апрель куни) коронавирус аниқланган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, аниқланаётган кунлик ҳолатлар 60-70 тани ташкил эди. Ўтган кун давомида 61 кишида коронавирус аниқланган бўлса, 64 киши дарддан фориғ бўлган. Коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 5399 нафарга етган. Шулардан 3894 нафари (72,1 фоизи )тузалиб кетишга муваффақ бўлган. Қурбонлар сони эса 51 нафарга етган.

Қирғистонда ўтган сутка давомида 170 та янги ҳолат аниқланган.  Касалланганларнинг умумий сони 3151 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 2011 нафари COVID-19ни енгган. 37 та ўлим ҳолати кузатилган. Бу ўтган ҳафтага қараганда 10 тага кўпроқ.

Туркманистонда эса ҳозирга қадар коронавирус расман қайд этилмаган ва у минтақадаги инфекциядан холи мамлакат бўлиб турибди.

Бутун дунё бўйлаб 8,3 миллиондан зиёд киши коронавирус юқтириб олган. 4,7 миллиондан ортиқ киши шифо топган. Қурбонлар сони 467 мингдан ошган.