Арипов Қирғизистоннинг янги бош вазири билан қўнғироқлашди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистоннинг янги тайинланган бош вазири Кубатбек Боронов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазири Кубатбек Боронов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ахборот хизмати хабар қилди.

Кубатбек Боронов Қирғизистон бош вазири вазифасини бажаради

“Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ўз ҳамкасбини Бош вазир лавозимига тайинлангани билан табриклади ва Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг янги суръатлар билан изчил ривожланиб, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди”, - дейилган хабарда.

Суҳбат чоғида томонлар яқин кунларда икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди.

Икки мамлакат бош вазирлари бошчилигидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг охирги марта учрашуви 2019 йил август ойида Бишкекда ўтказилган.