Ўзбекистон 1925 йилги Женева протоколига қўшилади

Сенат заҳарли газлар, бактериологик қуролларни урушда қўллаш тўғрисидаги Женева протоколини ратификация қилувчи қонунни маъқуллади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июн - Sputnik. Бугун бўлиб ўтган Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисидаги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) қўшилиши ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Сенат аъзолари мазкур Қонуннинг қабул қилиниши республика мудофаа соҳасининг самарали тизимини таъминлаш ҳамда уни ривожлантириш алоҳида ўрин эгаллашини, қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлишини таъкидлашди.

Шунингдек, мазкур Протоколга қўшилиш Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги миллий қонунчилик меъёрларига мос келиши ҳамда қонунлар билан муомалага киритилган халқаро шартномалар талабларига зид келмаслиги қайд этилди.

Ушбу Протокол 1972 йилнинг 10 апрель куни Москва, Лондон ва Вашингтон шаҳарларида имзоланган бактериологик (биологик) ва токсик қуроллар захирасини йиғиш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларини мустаҳкамловчи ҳамда тўлдирувчи ҳужжат ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу Женева протоколига дунёнинг 142 та давлати, МДҲ мамлакатларидан Арманистон, Молдавия, Россия, Тожикистон, Украина ҳамда Қирғизистон қўшилган.