Ҳаж сафарига бормайдиган давлатлар сони ошмоқда

Зиёратчиларнинг аксарияти кексалар эканини ва эпидемия шароитида уларнинг соғлиғини сақлаш мушкуллиги ҳисобга олган ҳолда ўндан ортиқ мусулмон давлатлари ҳаж сафаридан воз кечмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июн - Sputnik. Ушбу йилга Ҳаж мавсумини ташкил қилиш борасида Саудия Арабистони шу вақтга қадар ўзининг якуний қарорини эълон қилмади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси.

"Лекин ўнга яқин мусулмон давлатлари ўз фуқаролари учун бу йилги Ҳаж сафарини бекор қилди. Шулардан бири – энг йирик мусулмон аҳолига эга бўлган Индонезия бўлса, қолганлари Малайзия, Сенегал, Нигерия ва Сингапур, Ҳиндистон ҳамда Европа ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг баъзи мамлакатлари ўз зиёратчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида «Ҳаж–2020» мавсумини ташкил қилмаслик ҳақида қарор қабул қилдилар", - дейилган хабарда. 

Саудия Арабистони хулосасини кутиб ўтирмасдан бундай қарор қабул қилишда мусулмон давлатлари биринчи навбатда ўз фуқаролари соғлиги ҳақида ғамхўрлик қилиши бўлган. Чунки эпидемия шароитида зиёратчиларнинг соғлиғини сақлаш мушкуллиги ҳамда ҳажга борадиганларнинг аксари кексалар бўлгани ва улар касалликка чалиниш эҳтимоли жуда юқори.

Таъкидлаш лозимки, Саудия Арабистонида айни вақтдаги эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда, шу жумладан коронавирусга чалинган беморлар сонининг ортиб бораётгани, ҳар куни ўртача 3800-4500 нафар кишида коронавирус аниқланаётгани ва 40-45 та ўлим ҳолати қайд этилаётгани ҳаж сафарини ташкил этиш масаласида ҳар бир давлатни чуқур ўйлантириб қўймоқда.