КХДР корейслараро алоқа офисини портлатиб юборди – видео

Расмий Шимолий Халқ Демократик Республикаси чегарадаги алоқа биносини портлатиб борганини тасдиқлаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. КХДР чегарадош Кэсон шаҳридаги Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқа биносини портлатиб юборди. Бу ҳақда “Рёнхап” агентлиги хабар қилмоқда.

Аввалроқ у ерда портлашлар эшитилиб, тутунлар кўрингани хабар қилинган эди.

Кейинчалик Пхеньян ушбу хабарни тасдиқлади. “Ўн олтинчи июнь куни соат 14:50 дақиқада кучли портлаш билан Шимол ва Жанубнинг қўшма алоқа офиси ачинарли  тарзда вайрон бўлди”, - дея хабар қилди Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги.

Кэсон Жанубий Корея пойтахти Сеулдан 50 км узоқликда жойлашган бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар бошлангудек бўлса, шимолликлар армиясининг жануб бўйича энг асосий йўналишига айланади деб тахмин қилинади. 

Пхеньян 9 июндан бошлаб Сеул билан барча мавжуд алоқа каналларини узишини маълум қилди. Корея меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлими мудирининг ўринбосари, КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон Пхеньян яқин вақт ичида Жанубий Кореяга нисбатан “навбатдаги қадам”ни қабул қилишини маълум қилган эди. У Жанубий Корея томонидан ташвиқот варақалари жўнатилишини қоралаган. Ўз навбатида, Сеул Пхеньянни корейслараро келишувларга риоя қилишга чақирган.