Самарқандда "инновацион" фирибгарлик содир этилди

Фирибгарлар такси орқали бериб юборилган омонатни замонавий технологиялар ёрдамида йўлда ўмариб кетишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июн - Sputnik. Самарқандда антиқа фирибгарлик содир этилди, фирибгарлар бировга юборилган пулни замонавий технологиялар ёрдамида йўлда ўмарди, деб хабар қилмоқда Зарафшон нашри. 

Саттор Олимов - жабрланувчи (исми ўзгартирилган) Тошкент шаҳрида яшовчи таниши Аббосга 5 000 доллар қарзини бериб юбормоқчи бўлган. Яхшигина сармояни ишончли қўлларга топшириш учун ўртоғининг йўловчиларни машинага ўтқазувчи - пасадчиклик қиладиган ўғли Жонибекка қўнғироқ қилади.

Рулда ухлаб қолди: “Қамчиқ” довонида жиддий ЙТҲ содир бўлди

Муддаони билган Жонибек у дуч келган такси ҳайдовчиси ишончли эмаслигини айтиб, уни бошқа такси эгасига рўбару қилади. “Нексия” русумли машина ҳайдовчисига ишонмай “Ласетти”нинг эгасига пулни топширган Саттор ака орадан кўп ўтмай “чув” тушганини билиб олади. Негаки, бир соатлардан сўнг ҳайдовчи унга қўнғироқ қилиб, пулни Жомбойда ўғлига топширганини билдиради.

- Нега, ахир Тошкентга, Аббосга етказинг дегандимку?!

- Ўзингиз телефон қилиб, Жомбойда “мелкомбинат”нинг олдида ўғлим турибди, пулни шунга бер, почта “отмен” дедингизку.

Тезда етиб келган Саттор ака аслида нима бўлганлигини тушунолмай ҳайрон эди. Чиндан ҳам “Ласетти” эгасига ўзининг рақамидан 5-6 марта қўнғироқ қилинган ва гаплашилган.

Сергелида маст ҳайдовчи пиёдани уриб юбориб, иккита автомобиль билан тўқнашди

Бу қандай бўлганлиги ва пул қаерга йўқолганлигини ички ишлар идораси ходимлари аниқлашди. Ҳамма гап "посадчик"да эди. Саттор аканинг Тошкентга 5 минг доллар юбораётганини билган Жонибек бу ҳақда ўзининг Даврон ва Анвар исмли танишларига хабар беради.

Улар ўзаро келишиб, махсус телефон дастури орқали гўёки Саттор аканинг рақамидан ҳайдовчига қўнғироқ қилиб, почта бекор бўлганлигини ва пулларни Жомбой туманида кутиб турган ўғлига бериб қўйишини билдиради. Шундай қилиб ҳайдовчи омонатни "ўғил" ролини қойиллатиб уддалаган фирибгар Анварга топширади.

Ҳуқуқни сақлаш органлари жиноятни аниқлаб, фирибгарларни топгунча улар пулларни харажат қилиб бўлишади, лекин тергов бошланганидан сўнг барчасини қайтариб беришади. Суд томонидан уларнинг барчасига муносиб жазо тайинланди.