ТОШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Бугун, 11 июнь куни, соат кечки иккиларда “Қамчиқ” довони Тошкент-Ўш халқаро автомобиль йўлининг 261 километрида жиддий ЙТҲ содир бўлди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Аниқланишича, Damas машинасининг эгаси 42 ёшли фарғоналик фуқаро Тошкентга қараб ҳаракатланган. “Қамчиқ” довонига келганида ҳайдовчи рулда ухлаб қолган. Оқибатда йўлнинг ён томонида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган. Бунинг натижасида ҳайдовчи машина салонида сиқилиб қолган.
Маълумотларга кўра, воқеа жойига “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарувичлари етиб келган. Махсус асбоб-анжомлар ёрдамида фуқаро машина салонидан чиқариб олинган. Унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Поп тумани касалхонасига юборилган. Ҳозирда фуқаронинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.