Интернетда катта резонанс уйғонган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Адлия вазирлигида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июн - Sputnik. Бугун, 11 июнь куни Адлия вазирлигида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар қилди ушбу вазирлик матбуот хизмати.

Адлия вазирига икки ўринбосар тайинланди

Хабарда айтилишича, 22 майдан 6 июнгача “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамият муҳокамасига қўйилди. Шу давр ичида порталга қарийб 220 та таклиф ва изоҳ келиб тушди. Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда катта резонанс уйғотди.

Матбуот анжуманида қонун лойиҳасини ишлаб чиққан мутасадди давлат ташкилотлари мутахассислари таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди, фуқаролардан келиб тушган таклифларга изоҳ берди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Қонун лойиҳаси давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш учун ҳуқуқий база яратиш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилди.

“Лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2019 йил 3 октябрдаги фармони билан мустаҳкамлаб қўйилган давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, шунингдек илғор хорижий тажриба, нуфузли халқаро ташкилотлар, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган”, - дейилган хабарда. 

Адлия вазирлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди

Қонун лойиҳасининг 3-моддасида ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши белгилаб қўйилган. Дунё тажрибасига кўра, юқорида санаб ўтилган мансабдор шахслар фуқаролик хизматчиларига эмас, сиёсий хизматчилар тоифасига киради.

Умумий қоидага кўра, деярли барча мамлакатларда давлат хизматчилари фуқаролик ва сиёсий хизматчиларга бўлинади. Оммавий сектор хизматчилари сирасига кирувчи сиёсий хизматчилар (парламентарийлар, судьялар, ҳукумат аъзолари ва ҳ.к.), олий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ишини ташкил қилишни таъминловчи ишончли шахслар одатда давлат хизмати тўғрисидаги намунавий қонунларнинг тартибга солиш доирасидан четлаштирилган. Уларнинг мақоми махсус ҳужжатлар билан тартибга солинади. Давлат хизматчилари билан таққослаганда давлатнинг сиёсий лавозимларига нисбатан доим ҳам меҳнат қонунчилиги амал қилавермайди, чунки улар халқ ёки депутатлар томонидан сайланади ёки юқори турувчи органлар томонидан тайинланади, мос равишда меҳнат қонунчилигида кўзда тутилмаган асосларга кўра лавозимидан озод этилиши мумкин. Бошқача айтганда, давлат фуқаролик хизматини тартибга солувчи нормалар сиёсий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.

“Мутахассислар фикрича, қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг қандайдир тоифаларини ўз даромади ва мулкини мажбурий равишда декларация қилиш тизимидан мустасно қилувчи нормалар мавжуд эмас. Лойиҳанинг 3-моддаси фақатгина унинг қўлланиш соҳасини белгилаб беради, чунки декларация қилиш билан бирга, лойиҳа давлат хизмати билан боғлиқ бошқа кенг кўламли масалаларни ҳам тартибга солади. Бироқ, бу ҳеч қанақасига мансабдор шахсларни маълум бир тоифасини мажбурий декларация тизими ёки давлат хизматининг бошқа умумий тамойилларидан чиқариб ташланишидан далолат бермайди. Бундан ташқари, лойиҳада Ҳукумат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, ҳокимларга нисбатан у бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмида амал қилиши кўзда тутилган.

Адлия вазирлиги: Активларни қайтаришда Гулнора Каримованинг роли умуман йўқ

Шу билан бир қаторда, давлат фуқаролик хизматини комплекс равишда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун, жумладан номзодларни мустақил равишда танлов асосида саралаб олиш, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини баҳолаш мезонлари ва унинг ваколатларини белгилаб берувчи тартиб-таомиллар, уларнинг малакасини оширишга қўйилган талаблар мавжуд эмас.

Дунё тажрибаси давлат хизматчилари даромади ва мулкини декларация қилиш билан боғлиқ масалалар алоҳида қонунчилик ҳужжатлари ёки коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳужжатлар билан тартибга солинишини кўрсатмоқда. Президентнинг 2019 йил 3 октябрдаги фармонига мувофиқ давлат хизматчилари томонидан ўз даромад ва мулкини мажбурий равишда декларация қилиш тизимини изчил жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Тадбир давомида жамоатчилик фикри ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда агар бири иккинчисига тўғридан тўғри тобе ёки назорат остида бўлса яқин қариндошларнинг битта давлат ташкилотида лавозим эгаллашига имкон берувчи қоидалар қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.

Шунингдек, мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзолари томонидан хорижий давлатлар банкларида ҳисоб рақами очиш, хорижда қимматбаҳо буюмлар сақлаш ва кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларни қўшимча равишда ўрганилиши қайд этилди,” – дейилган хабарда.

Мутахассислар журналист ва блогерларнинг қонун лойиҳасига доир саволларига жавоб берди.