ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. 9 июнь куни синовлардан муваффақиятли ўтган чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 6-7 июнь кунлари чақирилувчилардан СОVID-19га тест таҳлиллари олинган. Таҳлил натижаларига кўра фуқаролар 9-июнь куни муддатли ҳарбий хизматга юборилиши белгиланган.
Муддатли ҳарбий хизматга кетаётган йигитлар учун темир йўл транспортларида алоҳида вагонлар ажратилган ҳамда ҳар бир вагонда шифокорлар назорати ўрнатилиб, чақирилувчиларни хизмат жойига етказиб бориш белгиланган.
Чақирилувчилар етиб боргач, улар 14 кун давомида карантинда бўлади. Барчаси кўнгилдагидек эканлигига ишонч ҳосил қилингандан сўнг машғулотларга киришади. Улар билан машғулотларни ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилиб, йўриқномалар ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда карантин тартиби жорий этилганлиги сабабли фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетиши вақтинча кечиктирилган эди. Карантин юмшатилгандан сўнг муддатли ҳарбий хизматга саралаб олинган фуқароларни Қуролли Кучлар сафига жўнатишга қарор қилинган