Ўзбекистон Қувайтга 450 минг долларлик ниқоб етказиб берди

Fursan Al Khaleej компанияси директорининг сўзларига кўра, Ўзбекистон маҳсулотлари ўз сифати билан уларни қониқтирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқарилган 2 миллион 200 минг дона қиймати 450 минг долларлик тиббиёт ниқоблари Кувайтга экспорт қилинди. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Fursan Al Khaleej компанияси билан 10 миллион долларлик ниқоб етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Маҳсулотнинг дастлабки партияси буюртмачиларга майнинг охирида етказиб берилган эди. Навбатдагиси эса кеча махсус юк самолётида орқали жўнатилган.

Ўзбекистон Қувайтга 450 минг долларлик ниқоб етказиб берди

Ниқоблар Қувайт ички ишлар вазирлиги буюртмасига биноан импорт қилинди. Ниқобларнинг бир қисми ушбу мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилади.

“Импортни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин биз турли мамлакатлар, шу жумладан, Хитой маҳсулотларини диққат билан ўрганиб чиқдик. Ўрганишимиз натижасида, аввало, бизни ўз сифати билан қониқтирган ўзбек маҳсулотларини танладик”, - деди Fursan Al Khaleej компанияси директори Жоҳид ал-Атаиш.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда улар Ўзбекистондан тиббиёт буюмлари  - ниқоб, комбинезон, қўлқоплар ва бошқа ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун навбатдаги буюртмани шакллантиришни бошлашган.