ТОШКЕНТ, 10 июн - Sputnik. Демократик партиядан номзод ва собиқ вице-президент Жо Байден бўлажак президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Америка иқтисодиёти чуқур таназзул даврига дуч келади, дея хабар беради FOX News ёзувчи ва Калифорниядаги республикачилар партиясининг собиқ раиси Том Дел Беккарога таяниб.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда коронавирус шароитида Америка иқтисодиёти инқирозни бошидан кечирмоқда, мамлакатда рекорд даражадаги ишсизлик кўрсаткичи қайд этилди. Шу сабабли, мамлакат иқтисодий ўсишни таъминлайдиган сиёсий ислоҳотларга муҳтож.
Дел Беккаронинг сўзларига кўра, Байден таклиф этаётган чоралар шу қадар салбий оқибатларга олиб келадики, агар улар қабул қилинса, АҚШ жиддий таназзулга шўнғиши мумкин.
Шарҳловчининг фикрига кўра, Байден, бошқа ишлар қаторида, ҳозирги давлат раҳбари Дональд Трамп томонидан амалга оширилган ва иқтисодиётнинг кескин ўсишига ва иш ўринлари сонининг кўпайишига олиб келган солиқ ислоҳотининг бекор қилинишини талаб қилмоқда.
Трампнинг потенциал рақиби юқори даромад эгалариганинг даромад солиғини, капитал ўсишига солиқни, ташкилотлар даромад солиғини оширишни таклиф қилмоқда, иқтисодий стратегия эса чет элдан келадиган даромадлар солиғини икки баравар оширишни назарда тутади.
Ушбу таклифлар ва унинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаши мамлакат иқтисодиётига зарар етказади, дея хулоса қилди дел Беккаро.