ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқда тарқалган автомобилда тиббий ниқобсиз бўлиш мумкинлиги ҳақидаги маълумот юзасидан изоҳ берди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига манба ҳавола қилинган ҳолда автомобилда тиббий ниқобсиз бўлиш мумкинлиги ҳақидаги маълумот тарқалган эди.
Пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳақиқатдан ҳам шахсий автомобиль ҳайдовчиси машинада тиббий ниқобсиз бўлиши мумкин (такси ҳайдовчиларига тааллуқли эмас).
Аммо шу билан бирга қуйидаги шартларга риоя қилиш керак:
- ҳайдовчи автомобиль салонида ёлғиз бўлиши керак;
- ҳайдовчи фақат автомобиль ҳаракатланиш вақтида ниқобсиз бўлиши мумкин. Яъни, агар ҳайдовчи йўл четида тўхтаса, тиббий ниқобни тақиб олиши керак.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 25 мартдан жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган. Ушбу ҳаракатни содир этган шахс 1 млн 115 минг сўм миқдорда жаримага тортилиши мумкин.