Россия-Қозоғистон чегарасида қолган 367 нафар фуқаро Ўзбекистонга юборилди

Россия-Қозоғистон чегарасида қолган 367 нафар фуқаро Ўзбекистонга юборилди. Фуқаролар “Маштаково” назоратдан ўтиш жойидан чегарани кесиб ўтишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Самара вилояти чегарасида қолган 367 нафар фуқаро Ўзбекистонга юборилди, деб хабар қилди РИА Новости вилояти ҳокимияти матбуот хизматига асосан.

Самарадаги обсервация лагеридан биринчи видео

“Бугун 367 нафар Ўзбекистон фуқаролари Самара вилояти ҳудудини тарк этди. Улар Қозоғистон билан “Маштаково” назоратдан ўтиш жойидан чегарани кесиб ўтишди”, - деб хабар қилди агентлик суҳбатдоши.

Қўшни республика ҳудудидан ўзбекистонликлар автобусларда ватанга олиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, икки кун аввал ТИВ Россия-Қозоғистон чегараси “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида 300га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўплангани ҳақида хабар берганди.

Бу масала Ўзбекистоннинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олиниб, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокара олиб борилди.

ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди.