Халқаро авиакомпаниялар йўловчилар ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон ДХХга тақдим этади

Халқаро ташувчилар Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмаларига йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотларни тақдим этиши мажбурий қилиб белгиланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. 2020 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистонга парвозлар қилаётган хорижий авиакомпаниялар йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотларни Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига тақдим этади. Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистонда туризм уч босқичда тикланади

Таъкидланишича, йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар билан ишлаш ДХХ ЧҚ томонидан ишлаб чиқиладиган тизим бўйича амалга оширилади. Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ ЧҚга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинади.

“Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади”, - дейилган хабарда.

Йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилишининг мажбурий тартиби Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) стандартлари ва тавсия этиладиган амалиётини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Маълумот учун: ИКАО стандартлари техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини ёки мунтазамлигини таъминлаш учун зарурдир. ИКАО тавсия этиладиган амалиёти ҳам техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини, мунтазамлигини ёки самарадорлигини таъминлаш учун мақсадга мувофиқ ҳисобланади.