Ўзбекистонда Volkswagen Caddy савдоси июлдан бошланади

“Жиззах Авто” қурилиш ишлари якуний босқичида турибди. Завод ва офиснинг асосий қисми бинолари битказилди ва фойдаланиш учун тайёр.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Ўзбекистонда Volkswagen Caddy русумли автомобиллар савдоси шу йилнинг июль ойидан бошланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ хабар қилмоқда.

Ўзбекистонда 2020 йилда Volkswagen Caddy автомобили ишлаб чиқарилади

Маълум қилинишича, “Жиззах автомобиль заводи”нинг қурилиш ишлари якуний босқичида турибди. Завод ва офиснинг асосий қисми бинолари битказилди ва фойдаланиш учун тайёр.

Ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистонга Volkswagen Caddy автомобилларининг бир қисми келтирилиб, улар сертификация бўйича ваколатли органларга топширилган.

“Жиззах Авто” МЧЖ билан ҳамкорлик қилувчи республика ҳудудларидаги қатор дилерлик корхоналар танлаб олинди.

“Шуни таъкидлаш жоизки, “Volkswagen Caddy” русумли автомобиллар савдоси шу йилнинг июль ойидан бошланиши режалаштирилмоқда”, - дейилган хабарда.

Бундан ташқари, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида “Жиззах Авто” компанияси ва дилерлик корхоналари ходимларини “Фольксваген” бренди глобал стандартларига мувофиқ ўқитиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: Volkswagen Caddy - 7 ўриндиқли (5-ўриндиқли кўриниши ҳам мавжуд) йўловчи ва юк минивени. Автомобиль ҳам бизнес юритишга, ҳам оилавий фойдаланиш учун тўғри келади. Тежамкор ва технологик (MPI) двигатель 1,6 литр қувватга эга, бензинда ишлайди. Ёқилғи сарфи – шаҳарда 100 км.га 9,3 литр, трассада 100 км.га 6,1 литр.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Фольксваген Груп Рус” концерни ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолангани хабар қилинган эди.