ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Вазирлар маҳкамаси “Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни қабул қилди, дея ёзади Norma.uz.
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади. Низом билан Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартиби белгиланган.
Идоралараро комиссия ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади, улар бир йилда камида икки марта ўтказилади.
Идоралараро комиссия йиғилишларига материалларни тайёрлаш унинг котибияти – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ЖСТ билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади. Кўриладиган масалалар бўйича қарорлар комиссия аъзолари томонидан очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Идоралараро комиссия Вазирлар маҳкамасига ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича ҳисобот киритади.