ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Хоразм вилоятининг Гурлан туманида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган собиқ “Агробанк” АТБ банк раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар қилди.
Ўтказилган терговга қадар текширувда банк филиали собиқ раҳбари О.Ш. ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда таниши С.К.нинг номига “G.TAMORQA” МЧЖни ташкил этгани аниқланган.
Амалда эса ушбу жамиятни ўзи бошқариб, давлат дастури асосида берилган маблағлар ҳисобидан корхонага 400 млн сўм имтиёзли кредит ажратган. Кредит маблағларини бошқа мақсадларда сарфлаб, гаровга қўйилган мулкни эса сохта ҳужжатлар билан гаровдан чиқарган. Натижада пулларни талон-тарож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан О.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.