Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги можаро юзасидан маълумот берилди

Таъкидланишича, ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган. Можаронинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юзага келган можаро юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида можаро юзага келган.

Юзага келган вазиятни ҳал қилиш учун икки давлат маҳаллий ҳокимиятининг масъул раҳбарлари воқеа жойида учрашишган.

Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган. Можаронинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. 

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани аҳолиси бир-бирини тошбўрон қилгани айтилган видео тарқалган эди. Sputnik Қирғизистон нашрининг маҳаллий ҳукумат маълумотига таяниб ёзишича, жанжалга Чашма булоғи суви икки қишлоқ аҳолиси томонидан биргаликда тозаланиши сабаб бўлган. Томонлар булоқ қайси мамлакатга тегишлиги борасида тортишиб қолишгани айтилмоқда.