Ўзбекистонда 1 июндан ички туризм қайта тикланишни бошлайди 

Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар ҳақида президент фармони қабул қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 май - Sputnik. Ўзбекистонда 1 июндан ички туризм фаолияти қайта тикланишни бошлайди. Бу ҳақида президентнинг 28 май куни имзоланган  “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида айтиб ўтилган. 

"Белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлаш", - дейилган фармонда.  

Шунингдек, президент фармонида туроператорлар, турагентлар ва меҳмонхоналар учун қуйидаги имтиёзлар белгиланди:

  • 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади;
  • 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади;
  • 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
  • Жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга солиқ органларини хабардор қилиш ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилади. 

Ундан ташқари, туризм соҳасидафаолият юритувчи ташкилотларга 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар бериш назарда тутилган. Жумладан туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан ошмайдиган миқдорда ҳамда жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий  ҳисоблашнинг беш баравари миқдорида ссудалар берилиши айтиб ўтилган.