Навоийда карантин қоидалари кучайтирилди

Сўнгги кунларда республиканинг бир қанча ҳудудлари қатори, Навоий вилоятида ҳам аҳоли орасида касалликка чалинаётганлар кўпаймоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдиришича, сўнгги кунларда республиканинг бир қанча ҳудудлари қатори, Навоий вилоятида ҳам аҳоли орасида касалликка чалинаётганлар кўпаймоқда.

Ўзбекистонда коронавирус: 28 май асосий хабарлари

Юқори малакали шифокор-олимлар, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, хирург  ҳамда врач-лаборант каби қатор  мутахассислардан иборат махсус гуруҳ вилоятга юборилди. Улар маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Айни пайтда вилоятда 119 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бугунги кун ҳолатига кўра, улардан 12 нафари соғайган бўлса, қолган 107 нафар беморга шифокорлар томонидан самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоятда касаллик, асосан, бешта ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин. Жумладан, биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинча ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, худудда карантин қоидаларини янада  кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, прокуратура  ходимлари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда.

Навоийда 3 ойлик ўғлини квартирага алмаштираётган аёл қўлга олинди

Жумладан, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, асосий учоқ бўлмиш, Зарафшон шаҳри “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган. Бундан ташқари, жорий йил 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тегишли махсус комиссия қарори билан жорий йил 8 майдан бошлаб, босқичма-босқич Зарафшон шаҳридаги 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.