Коронавирус Марказий Осиёда: Тожикистон ўлим, Қозоғистон аниқланган ҳолат бўйича етакчи

Марказий Осиёда Қозоғистон аниқланган ҳолатлар, Тожикистон эса қурбонлар сони бўйича етакчи. Ўзбекистонда эса энг паст ўлим кўрсаткичи кузатилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Сўнгги тақдим этилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида жами 17 988 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.

Қозоғистон аниқланган ҳолатлар бўйича етакчилик қилмоқда. Мамлакатда ўтган кун давомида 272 та янги ҳолат тасдиқланган. Касалланганларнинг умумий сони 9575 нафарга етган. Шулардан 4768 нафари тузалиб кетган. 37 та ўлим ҳолати кузатилган.

Коронавирусни жиловлаган Ўзбекистон: ўзбек шифокорлари Тожикистонга қандай ёрдам берди

Май ойи бошида мамлакатда коронавирус аниқланганини эълон қилган Тожикистон бугунги кунга келиб ҳолатлар бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистонни ортда қолдириб, минтақада иккинчи ўринга чиқиб олган. Тожикистонда ўтган кун давомида 158 кишида коронавирус аниқланган. Шу тариқа, COVID-19 юқтириб олганлар сони 3424 нафарга етган. Шулардан 1557 нафари тузалиб кетишга муваффақ бўлган. Қурбонлар сони эса 47 кишини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда ўтган кун давомида 79 та янги ҳолат аниқланди. 28 май соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус беморлари сони 3396 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 2668 нафари бутунлай соғайган. Вирусдан 14 та ўлим ҳолати кузатилган. Бу бошқа давлатларга қараганда энг паст кўрсаткич.

Қирғизистонда ўтган кун давомида 74 та янги коронавирус ҳолати тасдиқланган. Мамлакатда жами 1592 киши ушбу касалликни юқтириб олган. 1066 киши COVID-19ни енгган. 16 нафар бемор вафот этган.

Бутун дунё бўйлаб 5,6 миллиондан зиёд киши коронавирусни юқтириб олган. 2,3 миллиондан ортиқ киши шифо топган. Қурбонлар сони 355,6 мингдан ошган.