Қорақалпоғистон ва Тошкент вилояти чегара божхона пости ходимида коронавирус аниқланди

Сўнгги соатларда Ўзбекистонда 16 кишида коронавирус тасдиқланди. Жумладан, икки нафар чегара божхона пости ходимларида, икки нафар украиналик ҳайдовчида аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ яна 16 янги ҳолат қайд этилди.

“2020 йил 25 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3180 (+16) нафарни ташкил этмоқда”, - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Россияда COVID-19га қарши самарали дори пайдо бўлди

Янги касалланиш ҳолатларининг 4 таси Қорақалпоғистон Республикасида аниқланган. Улардан 3 таси хориждан келган халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчилари (улардан 2 нафари украиналик), 1 таси чегара божхона пости ходимида аниқланган.

5 таси эса Самарқанд вилоятида аниқланган. Уларнинг 4 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб юқтирган. 1 таси эса аҳоли орасида аниқланган. Ҳозирда эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, яна 1 та ҳолат Тошкент вилоятида чегара божхона пости ходимида аниқланган. Қолган 6 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилди.

Айни пайтда мамлакатда 2565 нафар коронавирусга чалинган фуқаролар бутунлай соғайган. Ҳозирда 602 нафар бемор даволанмоқда. 3 нафар беморнинг аҳволи оғир.