ТОШКЕНТ, 22 май - Sputnik. 21-май куни Зироат Мирзиёева Сардоба сув омбори атрофидаги фавқулодда вазият рўй берган ҳудудларга ташриф буюрди ҳамда сув тошқини бўлган ерлардан эвакуация қилинган аҳоли билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон биринчи хоними одамларнинг аҳволи, саломатлиги, вақтинчалик яшаш жойларидаги шароит билан танишди, уларга самимий сўзлар билан далда берди.
"Ташқаридан тушкунликка тушманг, бу кунлар ўтиб кетади, дейиш осон. Лекин ҳозир ичингиздан нима ўтаётгани фақат сизга маълум! Ўғлим бошпанали бўлсин деб, ўзингиз емай, иморат кўтаргансиз. Қизимни тўйига деб, ўзингиз киймай, сарпо йиққансиз. Ҳаммасидан хабаримиз бор, кўрдик, эшитдик.
Энг муқаддас айёмлардан – Хайит арафасида сизни йўқлашни, ҳеч бўлмаса бир оғиз сўз билан далда бўлишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Келинг, шундай табаррук кунларда дуога қўл очиб, эзгу ният қилайлик. Бу мусибатлар, машаққатлар тезроқ ортда қолсин. Ҳар бирингиз оила даврасида ҳаловат ва хотиржамликда яшанг, илоҳим. Аллоҳ хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Биз ёнингизда турамиз. Бутун Ўзбекистон халқи сиз билан! Президентимиз сиз билан!" — деди Зироат Мирзиёева сирдарёликлар билан учрашув чоғида.
Ташриф чоғида "Замин" фонди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳамкорликдаги ижтимоий лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу лойиҳа Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 11 та зарар кўрган маҳаллаларда истиқомат қилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Сув остида қолган ҳудудларни қайта тиклаш ва улкан қурилиш ишлари кетаётган бир пайтда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида ёши 60 ёшдан ошган барча қариялар 10 кун давомида пойтахтда ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида жойлашган сиҳатгоҳлар ва дам олиш масканларига, 7дан 14 ёшгача бўлган болалар эса ёзги оромгоҳларга бепул таклиф этилади. Яқин кунларда таклифнома-сертификатлар ўз эгаларига етказилади.
Карантин талабларини инобатга олган ҳолда, акциянинг барча иштирокчилари олдиндан CОВИД-19 тест-текширувидан ўтказилади. Ҳамма хавфсизлик чоралари кўрилади, деб хабар қилинади фонд расмий сайтида.