ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Шавкат Мирзиеёв Андижон шаҳридаги икки йил олдинги топшириғига асосан барпо этилган 7 қаватли, иккита 16 қаватли уйларни бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Президент хонадонлардан бирида бўлиб, оила билан суҳбатлашди.
Уйлар жаҳон стандартлари асосида яхлит темирбетондан зилзилага бардошли қилиб қурилган. Бинонинг ташқи деворлари энерготежамкор базальт материали билан қопланган. Интернет тармоғи, видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Жиҳозлаш ишлари март ойида якунланиб, аҳолига тайёр ҳолда топширилди.
Мазкур уйлар ҳовлисида дам олиш ва спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ барпо этилган.
Аҳолини турар жойлар билан таъминлашни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
«Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини – уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Туманлардаги аҳоли зич жойларга ҳам коммуникация олиб бориб, барча шароитларга эга кўп қаватли уйлар қуриш, замонавий қишлоқлар бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилди.