Илк синов ва жиддий муаммолар: болалар омбудсмани билан эксклюзив интервью

Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг манфаатлари билан шуғулланувчи ҳуқуқ ҳимоячиси лавозими жорий қилинди. Унинг мақомини тўлақонли мустаҳкамлаш учун қонун устида иш олиб борилмоқда, аммо ҳозирда ҳуқуқшуносларда муаммо ва ташвишлари талайгина.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 май – Sputnik. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова лавозимга тайинланганидан сўнг қисқа вақт ичида қандай ишларни амалга оширгани ва ўзи учун қандай устувор йўналишларни белгилагани хусусида сўзлаб берди.

Алия Юнусова 26 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил этиб сайланди.

“Болалар омбудсмани институти жуда муҳим механизмдир. Бу каби ҳуқуқ ҳимоячилари бугунги кунда Россия, Норвегия, Австрия ва Европанинг бошқа мамлакатларида ишлаб келмоқдалар. Биз “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” қонунни қабул қилаётганимизда, келажакда ушбу масалалар билан шуғулланадиган алоҳида давлат органини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Хусусан, 1992 йилда мустақиллик эълон қилингандан сўнг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган биринчи халқаро ҳужжатлардан бири бўлди. Ҳозирда республика болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича ўзининг бешинчи ҳисоботини тақдим этди”, - дейди Юнусова.

Унинг сўзларига кўра, 2008 йилда республиканинг вояга етмаган фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи қонун қабул қилинди. Халқаро конвенция тамойилларини илгари суриб, Ўзбекистон жаҳон стандартларини миллий қонунчиликда жорий этмоқда. Хусусан, гап боланинг мавқеи, ёшини белгилаш, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек қонуний манфаатлар каби коидалар ҳақида юритилади.

Омбудсманнинг қўшимча қилишича, республика, шунингдек, иккита факультатив протоколни ратификация қилди – биринчиси, болалар савдосига қарши курашга тааллуқли, иккинчиси эса болаларни қуролли можароларга жалб қилишдан ҳимоя қилиш. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатининг энг ҳунук шаклларини тақиқлаш ва тезкор чоралар кўриш тўғрисидаги 182-сонли ва ишга қабул қилишда минимал ёш тўғрисидаги 138-сонли конвенциялари ҳам ратификация қилинди.

Болалар карантинда: кўкрак сутидан вакцина ва оналар учун лайфхак

Гарчи 2019 йил 22 апрелда президентнинг болалар омбудсмени лавозимини таъсис этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган бўлса-да, болалар ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисидаги қонун ҳали қабул қилинмади.

"Бу масала ҳозир кўриб чиқилмоқда", - деди Юнусова ва биринчи навбатда бундай ҳуқуқ ҳимоячиларининг ваколатларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлашни излаш кераклигини таъкидлади.

Омбудсмен фаолиятининг бошланиши коронавирус эпидемияси билан боғлиқ бўлган жуда жиддий карантин даврига тўғри келди.

“COVID-19 билан боғлиқ вазиятга қарамай биз қўлни қовуштириб ўтирмадик. Уч ой давомида биз ишлашимиз керак бўлган устувор йўналишларни ишлаб чиқдик - бу ота-она қарамоғисиз қолган болалар, ногиронлар, бирор сабабларга кўра ҳаётнинг қийин ҳолатларида ёки қонун билан боғлиқ муаммоларда қолган етим болалар”, - дея тушунтирди Юнусова.

Хусусан, ҳуқуқ ҳимоячилари болалар колониясига, аёллар пенитенциар муассасасига, шунингдек, жазо муддатини ўтаётган аёлларнинг болалари сақланадиган махсус марказларга боришга муваффақ бўлишди.

Бундан ташқари, мутахассислар Сардоба сув омборида юзага келган фавқулодда вазиятдан кейин бир неча ўн минглаб аҳоли тошқин туфайли уйларини зудлик билан тарк этишга мажбур бўлган Янгиер ва Гулистон шаҳарларига ташриф буюришди.

Илк синов ва жиддий муаммолар: болалар омбудсмани билан эксклюзив интервью

Омбудсман болалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди, уларни жойлаштириш, овқатланиш ва зарур дори-дармонлар билан таъминлаш шароитларини ўрганиб чиқди.

Ўзбекистонда болалар 14 ёшдан ота-оналаридан алимент ундиришлари мумкин

“Мен шахсан эвакуация қилинган болали оилаларнинг аҳволи яхши эканлигига ва бу вазиятда улар зарур бўлган ҳамма нарса билан таъминланганлигига ишонч ҳосил қилишим керак эди”, - дейди у.

Юнусованинг тавсияларига кўра, эвакуация қилинганидан 2-3 кун ўтгач, уч ёшдан ошган болалар учун мактабгача таълим гуруҳлари ташкил этилган.

Вакилнинг энг муҳим ташаббусларидан бири - 14 ёшдан ошган ўспиринлар инқирозли вазиятларда тўғридан-тўғри Омбудсман идорасига мурожаат қилишлари учун ишонч телефонини ташкил қилишдир.