ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи бошланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Давлат раҳбари дастлаб Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.
Президент ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
“Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон?” - дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев.
Агротехнологияларни ривожлантириш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг Андижон вилояти филиали негизида қишлоқ хўжалиги йўналишида алоҳида олий таълим муассасаси ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Фермер хўжалигида 60 киши доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Чорвачилик, асаларичилик йўлга қўйилган.
Шу ерда пахтачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Президент қайта жиҳозланган автобусда ташкил этилган сайёр лаборатория билан ҳам танишди.