Мансабдорлар электр жиҳозлар харид қилиш баҳонасида 5,4 млрд сўмни талон-тарож қилди

Самарқандда электр жиҳозларни харид қилишдаги талон-торожликлар фош этилди. “Самарқанд ҲЭТК” мансабдорлари йирик миқдордаги маблағни ўзини қилиб олган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ мансабдорлари электр жиҳозларини харид қилишда талон-торожликка қўл ургани фош қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўтказилган текширувда 2017-2019 йилларда манзилли Дастур ижроси юзасидан корхонага “Ўзэлектроаппарат-Электрощит” АЖ ва Тошэлектроаппарат” МЧЖдан электротехник жиҳозларни тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали мақбул (оптимал) нархларда сотиб олишга рухсат берилганлиги аниқланган.

Иккита хайрия жамғарманинг 15 минг долларини талон-тарож қилганлар аниқланди

Бироқ, жамият мансабдор шахслари электротехник жиҳозларни сотиб олиш ҳақида бошқа МЧЖлар билан шартномалар тузишиб, 5,4 млрд сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Бундан ташқари, жамият мансабдорлари томонидан “Ўзэлектроаппарат-Электрощит” АЖ ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖлардан тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилинган трансформатор подстанцияларининг нархларига нисбатан трансформатор подстанцияларини 1,3 млрд сўмга бошқа корхонадан қиммат нархда сотиб олиниб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан "Самарқанд ҲЭТК" АЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.