Хорижда иш қидираётган шахслардан тўловларни олиш тартиби бекор қилиниши мумкин

Янги қонун лойиҳасида хусусий бандлик агентликларига хорижда иш қидираётган шахслардан ишга жойлаштириш учун тўловларни олиш тартиби бекор қилиниб, ушбу тўловлар чет эллик иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 май - Sputnik. Хусусий бандлик агентликлари фаолиятини назорат қилишнинг самарали механизмлари яратилади, деб хабар қилмоқда Ташқи миграция агентлиги ахборот хизмати.

Сурхондарёда 2,6 миллиард сўм ўзлаштирган бандлик агентлиги фош этилди

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида хусусий бандлик агентликлари фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг мижозлар олдидаги мулкий жавобгарлигини оширишга қаратилган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда иш қидираётган шахсларни алдаш ва уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш натижасида уларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилганлиги қайд этилди.

Келгусида бундай қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида ишлаб чиқилган ушбу Қонун лойиҳасида хусусий бандлик агентликлари фаолиятини назорат қилишнинг самарали ва шаффоф механизмлари жорий этилаётганлиги таъкидланди.

Жумладан, Қонун лойиҳасида хусусий бандлик агентликларига хорижда иш қидираётган шахслардан ишга жойлаштириш учун тўловларни олиш тартиби бекор қилиниб, ушбу тўловлар чет эллик иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини назорат қилиб бориш, шу жумладан келишув шартлари бажарилаётганлиги мониторингини амалга ошириш ҳамда ушбу жараёнларда шаффофликни таъминлаш мақсадида хусусий бандлик агентликлари ва иш қидираётган шахс ўртасида тузиладиган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни “labor-migration” дастурий мажмуасида онлайн рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда.

Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Шунингдек, лойиҳада фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун хусусий бандлик агентликларининг чет эллик иш берувчи ёки чет эллик шериклар билан ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаси мавжуд бўлиши ҳамда унда иш билан таъминлаш тартиби, меҳнат шартлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, шу жумладан иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш, меҳнат ва дам олиш тартиби, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги юз берганда компенсация ва бошқа қоидалар белгилаб қўйилган бўлиши лозимлиги назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга етказилган моддий зарар миқдорининг катталиги ва уни хусусий бандлик агентликлари захира қилиб қўядиган эллик минг АҚШ доллари ҳисобидан қоплаб бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳада ушбу маблағлар миқдорини тўрт баравар ошириш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, Қонун лойиҳасида хизматлар кўрсатиш жараёнида қонун ҳужжатлари талабларига қатьий риоя этилишини доимий назорат қилиб бориш учуна лицензияловчи органга хусусий бандлик агентликлари фаолиятини (молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) текшириш ваколати берилмоқда.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш натижалари бўйича уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.