Россияда коронавирусдан вафот этганларни олиб келиш ва дафн қилиш жараёни қандай

Нурмат Отабеков Россияда коронавирусдан вафот этган Ўзбекистон фуқаросини олиб келиш ва дафн қилиш жараёни қандай амалга оширилишини тушунтирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Россияда коронавирусдан вафот этган Ўзбекистон фуқаросини олиб келиш ва дафн қилиш жараёни қандай амалга оширилишини тушунтирди. Бу масалада фуқаролар кимга мурожаат қилишлари кераклигини айтди.

  • COVID-19 касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасади тегишли патанатомия бўлими ёки Республика суд-тиббий экспертиза илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларига қарашли жасад ташийдиган махсус транспорт воситасида эпидемияга қарши барча чора-тадбирларга риоя қилган ҳолда ташилади;
  • патанатомия бўлими суд-тиббий экспертиза илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, чет давлатлардан ҳаво йўллари ва автомобил йўли орқали COVID-19 касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар тобути уйга олиб борилмасдан, тўғридан-тўғри қабристонга олиб борилиб, дафн этилади;
  • майитни кутиб олиш ва қабристонга етказиш тадбирлари алоҳида ажратилган махсус автотранспорт воситаси ёрдамида амалга оширилади;
  • майитни махсус транспорт воситасида олиб борилмасдан, яқинлари ва қариндош-уруғларига бериб юбориш қатъиян ман этилади;
  • шахси аниқланмаган ва қариндошлари томонидан олиб кетилиши рад этилган жасадлар алоҳида ажратилган қабристонга юқорида қайд этилган барча қоидаларга риоя этган ҳолда дафн этилади.

Отабеков бунга асос ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг 2020 йил 26 апрелда имзоланган 04-8/2708 сонли алоҳида кўрсатма хати эканини қайд этди.

“Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу каби ҳолатларда ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталиги марказларига мурожаат этиш зарур”, - деди у.