Ўзбекистонда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган самарқандлик бемор вафот этгани ва жами қурбонлар сони 13 нафарга етгани тўғрисида хабар берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Тошкентда коронавирусга чалинган самарқандлик бемор вафот этди, деб хабар қилди ССВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, самарқандлик И. (эркак) 14 май куни оғир аҳволда  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилади.

Коронавирусга чалинган янги беморларнинг барчаси хориждан келган

Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “COVID-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Шундан кейин беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Бемор узоқ вақт давомида жигар циррози ташхиси билан даволаниб келган. Бундан ташқари, унда семизлик, анемиянинг оғир даражаси каби қатор ҳамроҳ касалликлар ҳам мавжуд бўлган.

Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.