Тошкентда пул учун бир фуқаро ўлдирилиб, мурдаси бурдалаб ташланди - видео

7 май куни Тошкент шаҳрида 31 ёшли эркак ваҳшийларча ўлдирилиб кетилган. Пойтахт прокуратураси қотиллик тафсилотларини очиқлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Тошкент шаҳар прокуратураси Тошкент шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилиб, мурдаси бурдалаб ташланган фуқаро ишига оид видеолавҳа тайёрлади.

Маълум қилинишича, 8 май куни тонг Учтепа тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига фуқаро 31 ёшли ўғли Р.Р. 7 май куни ўз ишлари билан уйдан чиқиб кетиб ҳозирга қадар қайтиб келмаганини маълум қилган.

Аниқланишича, Р. Юнусобод туманида яшовчи 30 ёшли Ж. исмли фуқаро билан аввалдан танишлиги, Ж. Р.дан 2020 йил январь ойида Spark русумли автомобилни ойлик тўлаб бериш шарти билан олганлиги, икки ой мобайнида пулларни тўлаб бермагани учун Р. автомобилни қайтариб олгани туфайли Ж.да Р.га нисбатан адоват пайдо бўлган.

Суриштирувлар давомида, 7 май куни 14:30 лар атрофида Р. ана ўша таниши Ж.нинг уйига борганлиги аниқланган. А.Ж. олдиндан М. ва С. исмли жиноий шериклари билан тил бириктириб Р.Р.ни Юнусобод туманидаги яшаш манзилига олиб келиш режасини қилиб, ундан кейин С. исмли таниши орқали Юнусободдаги яшаш манзилига олиб киришга эришган.

Жабрланувчи ўша манзилган келганида жиноятчилар унга ташланган ва аввалига калтаклашган.

“Мендан мақсадинг нима деб сўради. Мақсад пул дедим. Шундан сўнг, хотинига телефон қилиб 29 минг доллар бор, ҳозир Музаффар деган акам боради бериб юборасан деди. Сўнг пулни олдим. Кейин у менга керакли жойларга арз қиламан деди. Мен қўрқдим. Уни тирсагим билан урдим. Қўлимда “бита“ бор эди, унда уриб ташладим юзига. Сўнг бошини кўтарсам кўтармаяпти. Кейин ўлиб қолганини билдим. аввал кўтара олмадим. Кейин танасини майдалаб кўмдим“, - дейди ўз кўрсатмасида Ж.

Ҳозирда Ж.га нисбатан ЖКнинг 97-модда  2 қисми (Тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) ва 164 моддаси ва 3 қисми (Баданга оғир шикаст етказган ҳолда босқинчилик содир этиш) билан жиноят иши очилган. М. ва С.га нисбатан эса фақат ЖКнинг 164 моддаси 3 қисми билан жиноят иши очилиб, айблов эълон қилинган.

Уларга нисбатан қамоққа олиниш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган.