Сурхондарёда бир оила ИИО машинаси ойналарини синдириб ташлади

Фуқаро карантин қоидаларига зид равишда оммавий ифторлик маросимини ўтказган. Воқеа жойига келган орган ходимларига таёқ ва темир билан тан жароҳати етказиб, машиналарининг ойналарини синдириб ташлаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Сурхондарё вилоятида карантин қоидаларини қўпол равишда бузган ва ҳокимият вакилига қаршили кўрсатган шахслар устидан жиноят иши очилди.

Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, 14 май куни Шеробод туманида яшовчи фуқаро Б.Д. карантин қоидаларига зид равишда яшаш уйига қариндош-уруғлари ва қўни–қўшниларини йиғиб “Таровеҳ намози” ҳамда оммавий ифторлик маросимини ўтказган.

Қаршида карантин қоидаларини бузган бир неча киши жавобгарликка тортилди

Воқеа жойига етиб борган туман ИИБ ва маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ушбу қоидабузарлик учун Б.Д.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлган вақтда жами 4 нафар фарзанд ва набиралари ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.

Жумладан, улар туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори ва маҳалла фуқаролар йиғини раисига тан жароҳати етказиб, қўлларида бўлган темир жисмлар билан Ички ишлар ходимига тегишли автомашина олд ойналарини уриб синдирган.

Сўнгра ушбу ҳолат бўйича воқеа жойига етиб келган туман ИИБ тезкор тергов гуруҳи ходимларига ҳам фаол қаршилик кўрсатишган. Қўлларидаги таёқ ва темир жисмлар билан ИИБ ходимларига тан жароҳати, навбатчилик қисмининг автомашинасининг ойналарини уриб синдиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.