ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. "Сардоба" тўғони ўпирилиши юзасидан 170 нафар шахс сўроқ қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов Халқаро пресс-клубнинг Сирдарё вилоятидан "Сардоба-2020: синов, бирдамлик, меҳнат, сифат" мавзуидаги эфири давомида маълум қилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб бориш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигининг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ташкил қилинган.
Жжиноят иши бўйича тергов қуйидаги асосий тергов тахминлари олдинга сурилиб, текширилмоқда:
Биринчиси- лойиҳалашдаги хатоликлар;
Иккинчиси - қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;
Учинчиси - эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
Тўртинчиси - табиий офат.
Тергов тахминларини текшириш мақсадида, дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахслар тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, унинг қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинган.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни тонг саҳар Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, ёндош туманлардаги маҳаллалар ва далаларни сув босган эди.
Ушбу фавқулодда вазият оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 минг 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди. Шунингдек, 1 минг 781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик сув, алоқа тармоқларига талафот етган. Тезкор чора-тадбирлар натижасида туманлардаги 28 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган эди.
Зарар кўрган 4,5 мингга яқин хонадон эгаларининг ҳар бирига: 40 млн. сўмлик моддий ёрдам; телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.
Уй-жойи бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Таъмирланадиган ва янги қуриладиган уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади.
1 сентябргача одамлар янги уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига тўлиқ кўчиб ўтади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади.
Учта туманда 1 минг 800 га яқин бетон панелли коттежлар замонавий таъмирланиб топширилади.