ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Сирдарё вилоятига амалга оширган сафари давомида "Сардоба" сув омборини қуриш нега керак бўлгани ҳақида гапирган. Бу ҳақда "Ўзбекистон 24" хабар берди.
"Албатта, кимдир савол бериши мумкин, шу сув омбори керакмиди ёки йўқмиди, деган. Ҳозир ҳам саволлар кўп. Нима учун Сирдарё билан Жиззах вилояти ҳеч қачон ривожланмаган? Сув бўлмаган. Деҳқон одам билади - пахтага (унинг етиштирилиши давомида) беш-олти марта сув бериш кераклигини. Нега бошқа ҳудудларда 40-70 центнер бўлади (ҳосил), бу вилоятларда эса 15 центнер? Икки марта сув беролмасликдан. Иккинчидан - бирор марта такрор экин эка олармидик? Сув йўқ эди-ку? Шунинг учун 2010 йил энг тўғри хулоса бўлган", - деди президент ва "лекин талофат ҳеч кимни аямайди", дея қўшимча қилди.
Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозир Франциядан, Европадан, Осиёдан, Туркиядан ва Россиядан дунёнинг энг кучли экспертлари келиши кутилмоқда.
Мутахассислар шу объект қурилиши мумкинмиди ёки йўқ, шунингдек рўй берган фалокатга холисона баҳо берадилар, деди Мирзиёев.
Келажакда бу сув омборидан қандай фойдаланилади, қандай қилиб бу офат такрорланмаслиги ҳақида маҳаллий халқ билан маслаҳат ишларидан сўнг, объект тикланади, деб ваъда берди президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарёга сафари давомида куни кеча сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилган эди.