ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. 2020 йил 1 май куни "Сардоба" сув омбори тўғони ўпирилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207 моддаси 1-кисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2 қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизматининг Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда бугун Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Халқаро пресс клубнинг Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган жонли эфири давомида маълум қилди.
Таъкидланишича, "Сардоба" сув омбори Ҳукуматнинг 2010 йилдаги қарори асосида Сардоба, Мирзаобод ва Ховос туманлари ҳудудида барпо этилган бўлиб, умумий сиғими - 974 млн. метр кубни ташкил қилади.
Периметри - 42 км., тўғон узунлиги - 28 км., майдони 6 минг 800 гектар.
Тўғоннинг максимал баландлиги - 33 метр бўлиб, сувнинг максимал баландлиги - 30 метрни ташкил қилади.
Объект буюртмачиси- "Сирдарё қурилиш инвест" ДУК бўлиб туриб, бош пудратчи сифатида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "ЎзТемирйўлҚурилишМонтанж" унитар корхонаси қатнашган.
Қурилиш ишларига - 28та суб-Пудратчилар жалб этилган.
Лойиҳачи сифатида - "UzGip" МЧЖ иштирок этган.
Лойиҳа қиймати - 1,2 триллион сўмни ташкил қилган.
Молиялаштириш манбаи - бюджет маблағлари ҳисобидан бўлган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб бориш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигининг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ташкил қилинган.
Жиноят иши бўйича тергов қуйидаги асосий тергов тахминлари олдинга сурилиб, текширилмоқда:
Биринчиси- лойиҳалашдаги хатоликлар;
Иккинчиси - қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;
Учинчиси - эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
Тўртинчиси - табиий офат.
Тергов тахминларини текшириш мақсадида, дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахслар тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, унинг қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинган.
Жиноят иши доирасида 10дан ортиқ экспертиза ва лаборатория тахлилий тадқиқотлар тайинланган.
Шу жумладан, сув омбори тўғони (плотина) - лойиҳага мос қурилгани; эксплуатация қоидаларига риоя этилгани; ҳисоботларда акс эттирилган эксплуатация харажатлари ва уларнинг ишлари ҳақиқатда бажарилгани; молиявий-хўжалик ҳисоботлари тўғри юритилганлиги текширилмоқда.
Тўғоннинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш, сув ва тупроқнинг физик хоссаларини аниқлаш мақсадида тафтиш ва назорат ўлчовлари тайинланган.
Сув омбори қурилишида амалда бажарилган ишлар, фойдаланилган материаллар сифати ва миқдорини аниқлаш мақсадида судга оид қурилиш-техникавий экспертиза тайинланган.
Бундан ташқари, жиноят иши бўйича 25 дан зиёд тегишли идора вакилларидан иборат мутахассислар жалб қилиниб, ҳозирда тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Гидротехник иншоотларни қуриш ва эксплуатация қилиш соҳаси мутахассисларини жалб қилган ҳолда бутун тўғон ички ва ташқи томони кўздан кечирилиб, унинг фаолиятига эҳтимол таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда.
Шу билан бирга, тезкор-тергов гуруҳи ҳамда Ҳукумат комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва тезкор маълумот алмашуви йўлга қўйилган бўлиб, етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва тезкор-қидирув тадбирлар давом этмоқда.