Шаҳарлараро қатновлар қачон очилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда 18 майдан бошлаб мамлакат ичидаги авиа ва темир йўл боғланмаси қисман тикланади, батафсил қуйида танишинг.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 май - Sputnik. 18 майдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати COVID-19 коронавирусининг тарқалишига қарши карантин чораларини юмшатиш доирасида Тошкент ва мамлакат минтақалари ўртасидаги транспорт боғланмаларини тиклайди. Республика махсус комиссияси хабарига асосан.

2020 йил 18 май кунидан бошлаб қуйидаги шаҳарлараро қатновларга рухсат берилади:

  • Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклаш;
  • Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйиш.

Шу билан бирга авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди.

Аввалроқ, Махсус комиссия республикада карантин режимининг 1 июнгача узайтирилишини эълон қилди, аммо баъзи чекловлар олиб ташланди.