Россия ва Ўзбекистон рус тилини ўрганиш дастурини жадал ишлаб чиқмоқда – Захарова

Бироз олдин Ўзбекистонда давлат идоралари ходимларини иш юритишда ўзбек тилидан фойдаланмаганлик учун жаримага тортишни таклиф қилинган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 май - Sputnik. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия ва Ўзбекистоннинг рус тилини ўқитиш дастури бўйича биргаликда олиб бораётган ишлари ҳақида гапириб берди.

Эслатиб ўтамиз: апрел ойининг охирида республика Адлия вазирлиги давлат хизматчиларига иш юритишни давлат тилида олиб бормаганлиги учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликнинг кўп сонли танқидларига сабаб бўлди.

"Биз юқоридаги қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида юзага келган тортишувларга эътибор қаратдик. Кўринишидан, ҳозирча унинг тарафдорлари аниқ озчиликда. Изоҳларнинг аксарияти рус тили расмий муомалада тўлиқ сақланиб қолганлигини, бу тарих руҳи ва икки томонлама муносабатларнинг амалдаги сифатига мос келишини кўрсатмоқда. Энг муҳими - Ўзбекистон фуқароларининг манфаатига", - деди Захарова брифингда.

Дипломатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томони республикада рус тилининг тўлақонли ўқитиш дастурини яратишга қизиқиш билдирган. Ҳозирда уни ишлаб чиқиш бўйича фаол қўшма ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Ушбу дастур нимани назарда тутади?

Захарова тушунтиришича, дастур етказиб бериладиган ўқув, услубий ва бадиий адабиёт ҳажмини кўпайтирилишини кўзда тутади.

Бундан ташқари, қўшимча рус тилини ўргатиш марказлари очилади ва ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларига рус тили бўйича мутахассислар юборилади.

Яна бир муҳим чора: ўзбекистонлик абитуриентлар учун РФнинг олий ўқув юртларида бюджет жойлари квоталари кўпайтирилади, гап "рус филологияси" ихтисоси ҳақида кетмоқда.