Коронавирус ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмаслиги ҳам мумкин - БССТ

БССТ маълумотларига кўра, коронавируснинг тарқалишини тўлиқ назорат қилиш учун инсониятга камида беш йил вақт талаб қилинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 май - Sputnik. Коронавирус ОИВ каби, инсонга хос бўлган навбатдаги вирусга айланиши мумкин, дейди БССТнинг фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури раҳбари Майк Райан, деб ёзади ВВС.

"Бу вирус эндемик бўлиб қолиши мумкин. У ҳеч қачон йўқолмаслиги мумкин. Ҳеч қаёққа йўқолиб кетмаган ОИВ сингари. Аммо биз уни назорат қила олдик, терапевтик воситаларни топдик ва энди одамлар бу вирусдан унчалик қўрқмаяпти. Одамлар ОИВ ташҳиси билан анча вақт яшайди. Шунинг учун вазиятга реал қараш жуда муҳимдир. Биз вирус устидан ғалаба қозонишга қанча вақт кераклигини билмаймиз", - деди Майкл Раян.

ЖССТ маълумотларига кўра, коронавируснинг тарқалишини тўлиқ назоратга олиш учун инсониятга камида беш йил вақт талаб этилади.

Райаннинг сўзларига кўра, ҳозирда 100 дан ортиқ потенциал вакциналар ишлаб чиқилмоқда, аммо вакциналари мавжудлигига қарамай, қизамиқ каби бошқа касалликлар ҳамон йўқ қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, Джонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 4,3 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан касалланган, вафот этганлар сони 300 мингга яқинлашган.

Ўзбекистонда касалланганлар сони 2652 кишини ташкил этмоқда. 2136 киши даво топди. 11 киши вафот этди.